Ўзбекистонда кунлар совугани сабабли «метан заправкалар»га чекловлар жорий этилди

Ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетика тизими 24 соатлик кучайтирилган иш режимида фаолият юритмоқда. Натижада, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабабли табиий газга бўлган талаб ошгани боис айрим ҳудудларда қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилган.

Шу сабабли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилди, — дейилади хабарда.

Бу чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор таъминотни таъминлашга қаратилган бўлиб, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилиниши билдирилди.

Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланиши таъкидланди.

Ўзбекистон