Тошкент халқаро аэропортида кутиб олувчилар энди терминал ичига кириши мумкин
Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда учиб келиш залининг реконструкцияси босқичма-босқич давом этмоқда.Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Xабарга кўра, ишларнинг биринчи босқичи якунланиб, залнинг янгиланган ўнг қисми фойдаланишга топширилди.
Реконструкция доирасида зал майдони 2,1 минг квадрат метрга кенгайтирилди. Божхона ҳудуди кенгайтирилиб, қўшимча юк карусели ўрнатилди. Шунингдек, илк бор терминал ичида кутиб олувчилар учун 120 ўринли махсус зона ташкил этилди.
Зал атрофига янги автотранспорт ва автобус йўлаги қурилиб, 120 ўринли автотураргоҳ ва яшил ҳудуд барпо этилди. Эндиликда кутиб олувчилар такси, шахсий автомобиль ёки автобус орқали терминалга яқинлашиб, 10 дақиқа ичида қисқа муддатли тўхташ имконига эга бўладилар.
Аэропорт қурилиш бошқармаси мутасаддиларига кўра, энди залнинг чап қисмини реконструкция қилиш ишлари бошланади. Аэропорт фаолиятини тўхтатмаслик учун ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Тошкент халқаро аэропорти реконструкцияси 2023 йил декабрь ойида бошланган. Ҳозирда терминал йилига 7 млн йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Реконструкциянинг иккинчи босқичи 2025 йил охирига қадар якунланади ва унда кутиб олувчилар зонаси, кафелар ва дўконлар сони кўпайтирилади.
Якунда келиш ва жўнаш заллари ягона терминал мажмуасига бирлаштирилиб, умумий майдон 10 минг квадрат метрдан ошади, соатига 2,4 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.