Марказий Африкада лицейдаги трансформатор портлаши оқибатида 29 нафар ўқувчи ҳалок бўлди
Марказий Африканинг Банги шаҳрида трансформатор портлаши оқибатида юзага келган тиқилинчда 29 нафар ўқувчи ҳалок бўлди, 260 дан ортиқ киши жароҳат олди. Бу ҳақда Reuters манбаларга таяниб хабар берди.
Қайд қилишича, фожиа Бартелеми Боганда лицейи биносида жойлашган имтиҳон марказида, олтита мактабдан 5 мингдан ортиқ ўқувчи якуний имтиҳон топшираётган вақтда юз берган. Портлаш ортидан юзага келган ваҳима ва тиқилинч ҳалокатли оқибатларга олиб келган.
Марказий Африка Республикаси Таълим вазирлигининг баёнотига кўра, ҳодиса мактаб асосий биносида жойлашган трансформатор мамлакатнинг ENERCA коммунал компанияси ходимлари томонидан электр таъминоти тиклангач портлаб кетгани сабабли содир бўлган.
Ҳозирда портлаш сабаблари юзасидан расмий тергов ишлари бошланган, техник экспертиза ўтказилмоқда. Жабрланганларнинг барчаси яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига етказилган.