Франциядаги Лувр музейи ёпилди

Франциянинг энг йирик музейларидан бири, дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган Лувр музейи 16 июнь куни ёпилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Бу ҳолат хавфсизлик таҳдиди ёки террор эмас, балки музей ходимларининг иш ташлаши билан боғлиқ.

Маълум қилинишича, галерея ходимлари, чипта сотувчилари ва хавфсизлик хизмати вакиллари иш шароитларининг оғирлиги, доимий ходимлар етишмовчилиги ва музейга оқиб келаётган оммавий ташрифлардан норозилик билдириб, муассаса «ичидан қулаётгани»ни таъкидлaган. Бунга жавобан, Лувр жамоатчилик учун ёпилган. Бундай ҳолатлар илгари уруш, пандемия ёки оммавий иш ташлашлар вақтида, хусусан, 2013 ва 2019 йилларда кузатилган.

Президент Эммануэл Макрон яқинда «Луврнинг янги Ренессанси» деб номланган 10 йиллик таъмирлаш режасини эълон қилган эди. Лойиҳа доирасида «Мона Лиза» учун алоҳида хона ажратиш, янги кириш йўллари қуриш ва инфратузилмани тўлиқ янгилаш режалаштирилган. Режа 2031 йилгача давом этади ва 700–800 млн еврога баҳоланмоқда.

Лувр 2024 йилда 8,7 млн сайёҳни қабул қилган бўлиб, бу музей инфратузилмаси мўлжаллигидан икки баравар кўп. Мутасаддиларнинг айтишича, кунлик ташриф лимити 30 минг нафар одам бўлиши керак. Ходимлар эса ҳожатхоналар сонининг камлиги, музей ички ҳароратининг ноқулайлиги ва иш босимининг ҳаддан ортиқлигидан шикоят қилмоқда.

Таъмирлаш ишлари чипталардан тушадиган даромад, хайрия маблағлари, давлат бюджети ва Абу-Дабидаги Лувр филиали лицензия тўловлари орқали молиялаштирилади. Сайёҳлар учун чипталар нархи 2025 йил охирида ошиши кутилмоқда. Бироқ ишчилар муаммоси бу режадан илгарироқ ҳал қилиниши кераклиги таъкидланмоқда.

Жаҳон