Покистонда бино қулаши оқибатида 27 киши ҳалок бўлди
Покистоннинг Карачи шаҳрида Ляри ҳудудида кўп қаватли турар-жой биноси қулаб тушиши оқибатида 27 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.
Қайд қилинишича, қутқарувчиларнинг уч кун давом этган излаш ишлари натижасида барча қурбонларнинг жасадлари вайроналар остидан топилган.
Расмийларнинг маълумотига кўра, бино аввалроқ хавфли деб баҳоланган бўлиб, 2022–2024 йилларда аҳолини кўчириш бўйича огоҳлантириш хатлари юборилган. Шунга қарамай, айрим аҳоли хабардор бўлмаганини билдирган. Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари ҳинд миллатига мансуб экани аниқланган.
Ҳодиса ортидан 5 та бошқа хавфли бино эвакуация қилинди. Мутасаддилар хавфли биноларни аниқлаш ва бўшатиш ишларини кучайтирган. Покистонда, хусусан, Карачидек йирик шаҳарларда бундай биноларнинг қулаши тез-тез кузатилади. Аҳоли сонининг ортиб бораётгани, уй-жой муаммолари ва хавфсизлик стандартларига амал қилинмаслиги бу каби фожиаларнинг олдини олишни қийинлаштирмоқда.
Маҳаллий ҳукумат ушбу ҳалокат юзасидан суриштирув бошлаб, жавобгар шахсларни аниқлаш чораларини кўрмоқда. Айни вақтда фуқароларни хавфли ҳудудлардан эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда.