Тошкент вилоятидаги колонияда жазо ўтаётган яна бир маҳкум вафот этди
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 11 февраль куни 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида девор қисми қулаб, босиб қолган.
У зудлик билан шифохонага жойлаштирилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, маҳкум 16 февраль куни шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.