Маҳкумларга масофавий видеоучрашув ҳуқуқи берилади
Қонунчилик палатасининг 17 декабрдаги мажлисида озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видеоучрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш орқали уларни жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш, жазони ўтаб чиққанидан сўнг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видеоучрашув ҳуқуқини бериш орқали ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда масофали видеоучрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади.
Лойиҳада манзил-колониялар ҳамда тарбия колонияларидаги маҳкумларнинг йил мобайнида йигирма тўрт марта масофали видеоучрашувлар олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Қонун ташаббускорларининг фикрича лойиҳадаги мазкур ўзгартиришлар жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг масофали видеоучрашув йўли билан оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқаларини таъминлаш ва оилавий муносабатларини сақлаб қолишга, шунингдек, тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашишга хизмат қилади.