Сурхондарёда $400 пора билан ушланган мактаб директори қамалди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида пора билан ушланган 5-мактаб директорига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканали хабар берди.

Қайд этилишича, 46 ёшли фуқаро мазкур лавозимда 2022 йилдан буён ишлаб келган. У 2025 йил бошларида рус тили ўқитувчисига янги ходим келгани сабабли унинг дарс соатларини қисқартирмоқчи экани айтган. Бу ишни қилмаслик учун эса ўқитувчидан 400 доллар сўраган. Қолаверса, директор унга бу гапларни турмуш ўртоғи ва қариндошларига айтмасликни уқтирган.

Шундан сўнг педагог тегишли идораларга мурожаат қилган. 1 февраль куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Сурхондарё вилояти ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 400 доллар ҳисобида 5 млн 200 минг сўм олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг 3 апрелдаги ҳукмига кўра, мактаб директори Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисми билан айбли деб топилди.

Унга 2 йил муддатга таълим тизимидаги мансабдорлик лавозимларида ишлаш чекланган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон