Мактаб вазирлиги мактаб битирувчиларидан ўз вақтида паспорт ёки ID-карта олишни сўради
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан ўз вақтида паспорт ёки ID-карта олишни сўради. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, ОТМга кириш жараёнида абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн топшириш вақтида битирувчиларнинг шахсини тасдиқловчи маълумотларини ABITUR электрон дастурига киритиш талаб этилади.
Шу сабабли 16 ёшга тўлган ҳар бир битирувчи ўз вақтида паспорт (ID-карта) олиши зарур, дея эслатди ММТВ.
Ушбу жараёнда битирувчиларга қулайлик яратиш мақсадида вазирликнинг электрон маълумотлар базаси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ABITUR электрон дастури билан интеграция қилинган.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар жорий ўқув йилида мактабларни тамомлаётган 450 мингдан ортиқ ўқувчининг 16 ёшга тўлган 23 минг (5,1%) нафари паспорт (ИД карта) олмаганлиги сабабли уларнинг паспорт маълумотлари электрон базага ҳозирча киритилмаган.