2024 йилда маъмурий жавобгарликка тортилган Ўзбекистон фуқароларининг сони эълон қилинди
Ўзбекистонда 2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар 740 994 нафар шахсга нисбатан 613 142 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққани Олий суд матбуот хизмати томонидан маълум қилинди.
Аниқланишича, 469 568 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган, ярашув муносабати билан 94 886 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Асосан майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки сезиларли миқдорда моддий зарар етказилишига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш билан боғлиқ ишлар кўпроқ кўриб чиқилган.