Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги мансабдорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи мансабдор шахс пора олаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хaбaр берди.

Аниқланишича, у 1958 йилда туғилган фуқарони алдаб, ҳокимият балансига ўтказилиши режалаштирилаётган 3 хонали хонадони суд тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига уйнинг нархини $15 мингга келишиб, суд органларидаги танишларига бериладиган $3,5 минг билан биргаликда жами $18,5 минг доллар сўраган.

ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс олдиндан $9,5 минг олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон