Мансабдорларнинг жиноий ҳаракатларидан кўрилган зарар 3,6 трлн сўмга етди
2024 йилда Ўзбекистонда 4906 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди, бу 2023 йилга (3575) нисбатан 37,2 фоизга кўп. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари сони 3821 тани ташкил этди, бу 2023 йилга (3412) нисбатан 12 фоизга кўп.
Мансабдорлар қуйидаги турдаги жиноятлар учун жавобгарликка тортилди:
— ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш — 2929 (2023 йилда — 2205, +32,8%);
— пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш — 353 (195, +81%);
— фирибгарлик — 447 (272, +64,3%);
— мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — 226 (397, -43%);
— мансаб сохтакорлиги — 13 (36, -68,9%);
— мансабга совуққонлик билан қараш — 40 (25, +60%);
— мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш — 13 (30, -56,7%);
— бошқа жиноятлар — 885 (415, +2,1 баравар).
Мансаб суиистеъмоллиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар 2,3 баробар — 1,55 триллион сўмдан 3,61 триллион сўмга (тахминан $278,5 миллион) ошган. Дастлабки тергов давомида 2 триллион 343 миллиард сўм (1,31 триллион сўм) ундирилган. Шу билан бирга, қопланган зарар улуши 65 фоизни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан (84,7 фоиз) камроқ.