Янги уйлар марказлаштирилган иситиш тизимига уланиб, электр плиталари билан жиҳозланади

Ўзбекистонда янги қуриладиган уйларни марказлаштирилган исиққлик таъминоти тизимига улаш орқали аҳоли турар жойларида электр энергиясидан оқилона фойдаланишга ўтиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 21 февралдаги фармони билан тасдиқланган «йўл харитаси»да кўзда тутилган.

Унга кўра, 2025 йилда қуриладиган 135 мингта квартирали уй-жойларни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш режалаштирилган. Бунда хавфсизлик нуқтаи назаридан хонадонларнинг ошхонаси электр плиталари билан жиҳозланиши назарда тутилган.

Аҳоли яшаш пунктларидаги ички йўллларни ёритиш учун электр энергия сарфини икки карра қисқартириш ҳам режалаштирилган. Тегишли таклифлар 2025 йил 1 апрелгача президент администрациясига тақдимот қилиниши керак.

Республиканинг ҳар бир ҳудудида камида иккитадан лифтларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш гуруҳлари ташкил этилади. Соҳани зарур мутахассислар билан таъминлаш учун республиканинг ҳар бир ҳудудида камида 20 кишини лифтларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

«Янги Ўзбекистон» ва бошқа турар жой массивларида кўп қаватли уйлар қуриш харажатларининг камида 2 фоизи яқин атрофдаги ҳудудларни ободонлаштиришга йўналтирилиши мумкин. Тегишли ҳужжат лойиҳаси 1 июлга қадар Вазирлар маҳкамасига киритилиши керак, дейилади фармонда.

Қарорлар