Ўзбекистондан Тожикистонга олиб ўтилган автомобиллaр ноқонуний сотиб юборилгани аниқланди

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган 59 дона автомобиль Тожикистонга олиб ўтилиб, у ерда ноқонуний сотилгани аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси Тошкент шаҳри, Тошкент ва Наманган вилоятларидаги божхона бошқармалари бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар давомида, автотранспорт воситаларини ноқонуний тарзда сотишга алоқадор 8 нафар шахс аниқланиб, ушланди.

Улар BYD, Volkswagen, Kaiyi X3, Honda, Geometry, Faw ID4 ва бошқа русумдаги жами 59 та автомобилни $100-200 эвазига Тожикистонга олиб ўтган.

Қайд этилишича, барча автомобиллар қўшни давлат ҳудудида ноқонуний тарзда сотиб юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва материаллар тергов органига топширилган.

Қўмита фуқаролардан ишончнома асосида берилган автомобилларни бошқаларга топширишда ҳушёр бўлишни, агар автомобилни қайтариб олишда муаммо туғилса ёки у чет элга олиб чиқиб кетилганига шубҳа пайдо бўлса, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўраган.

Янгиликлар