Молдовадаги президентлик сайловларида Майя Санду ғалаба қозонди

Молдованинг амалдаги президенти Майя Санду 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида рақиби, мамлакатнинг собиқ бош прокурори Александру Стояногло устидан ғалаба қозонди.

Бу овозларнинг 98% дан ортиғини санаб чиққан Марказий сайлов комиссияси маълумотларидан келиб чиқади.

Санду 54,94% овоз олган, мухолифатдаги россияпараст Социалистлар партияси вакили Стояногло эса 45,06% овоз олган. Бир мунча вақт олдин Стояногло етакчилик қилган, бироқ Санду партияси чет элда яшовчи сайловчиларнинг овозлари ҳисоблаб чиқилгандан кейин тенденция ўзгариши мумкинлиги ҳақида «бироз оптимизм» билдирди, деб таъкидлади АФП.

«Молдова, бугун сизлар ғалаба қозондингиз, биз биргаликда бирлигимиз, демократиямиз ва муносиб келажакка содиқлигимизни намойиш қилдик», деб ёзди Санду Х ижтимоий тармоғида.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, президентлик сайловининг иккинчи босқичида деярли 1,7 миллион киши, яъни сайловчиларнинг 54% дан ортиғи овоз берди.

Санду биринчи турда ғалаба қозонди, аммо у тўғридан тўғри ғалаба қозониш учун кўп овозларни ололмади. Молдовадаги президентлик сайловлари мамлакатнинг келажакдаги ташқи сиёсати европапараст ёки россияпараст бўлишини белгилаб беради, деб таъкидлайди АФП.

Жаҳон