Пенсия ва ғазначилик тизимларида рақамли хизматлар жорий этилади
Пенсия ва ғазначилик фаолиятига замонавий хизматлар жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Бу хизматлар 2025 йил 26 июнда Президент томонидан имзоланган ПФ-105-сонли фармонга мувофиқ жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қуйидаги йўналишлар бўйича янгиликларни амалга оширади:
• ғазначилик ва пенсия тизимлари рақамлаштирилиб, автоматлаштирилади ҳамда ҳудудларда ихчам хизмат кўрсатиш офислари ташкил этилади;
• фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар тўлиқ электрон ва проактив шаклга ўтказилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб ғазначилик тизимида «Рақамли ғазна» тизими жорий қилинади.
2026 йил 1 декабрдан эса пенсия тизимида қуйидаги хизматлар автоматлаштирилади:
• фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақи ҳақидаги электрон маълумотлар асосида пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш имконини берувчи «Менинг пенсиям» онлайн хизмати ишга туширилади;
• пенсияга оид барча хизматлар тўлиқ электрон, интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.