Ўзбекистонда 6 ойда экспорт қилинган меваларнинг умумий қиймати маълум қилинди
2025 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон томонидан 311 минг тонна мева экспорт қилинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги вакили Ўғилой Болтабоева маълум қилди.
Мева экспортининг умумий қиймати $368,6 млнни ташкил этган.
Таъкидланишича, экспорт қилинган маҳсулотлар таркибида гилос $96,8 млн (42,1 минг тонна), ўрик $41 млн (54,1 минг тонна), олхўри $10 млн (14,6 минг тонна), олма эса $6,7 млн (13,3 минг тонна) билан асосий улушни эгаллаган.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон умумий экспорт ҳажми $16,9 млрдни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33% га ўсди. Олтин экспорти ҳисобга олинмаганда, товар ва хизматлар экспорти $10,4 млрдни ташкил этиб, 23% га ошган.
Қайд қилинишча, экспорт ўсишига мева-сабзавот маҳсулотлари (40%), ун (42%), фармацевтика (20%), туризм (54%), ахборот (93%) ва транспорт хизматлари (22%) тушумлари сезиларли ҳисса қўшган.
Айни пайтда Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 4 та агрологистика маркази ишга туширилган. Йил охиригача уларнинг сони 10 тага етказилиши режалаштирилган.
Ҳудудлар кесимида эса энг кўп экспорт ҳажми Тошкент шаҳрида кузатилиб, $493 млнни ташкил этди.