Мева-сабзавот сотуви билан шуғулланувчи баъзи тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
Ўзбекистонда мева-сабзавотларини замонавий қадоқларда реализацияга чиқарадиган айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш ҳамда қўшилган қиймат занжирини яратишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
• 2025 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини жами 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;
• 2025 йил якунигача 8 та давлатга янги 30 турдаги маҳсулотлар экспорти учун фитосанитария рухсатномаларини олиш;
• истиқболли бозорларга 2025 йилда 442 миллион АҚШ доллари, 2026 йилда 575 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаш;
• 2025 йилда ҳудудларда жами 2,1 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари учун қадоқлар ишлаб чиқариш бўйича 40,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.
2028 йил 1 январгача мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда реализацияга чиқарадиган ҳамда қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади:
• ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
• замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини солиқ даврида реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этганда;
• 2027 йил 1 апрелгача дуккакли маҳсулотларни экиш, йиғиб олиш ва саралаш ускуналари импорти учун божхона божининг 1 фоизлик ставкаси қўлланади.