Трамп ноқонуний мигрантларни Гуантанамо қамоқхонасига юбормоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Гуантанамодаги ҳарбий база қамоқхонасига 9 мингга яқин ноқонуний мигрантни юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Washington Post нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу мигрантлар Гуантанамога жўнатилишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказилади. Рўйхатга Бирлашган Қироллик, Германия, Франция, Италия, Ирландия, Белгия, Нидерландия, Полша, Туркия, Украина ва бошқа давлатлардан юзлаб фуқаролар кирган.
Манбаларга кўра, АҚШ ҳатто ўзининг Европадаги иттифоқчиларини бу режалар ҳақида хабардор қилишни режалаштирмаган.
Январь ойида Трамп бу қамоқхонага 30 минг мигрантни юбориш нияти борлигини билдирган эди. Бироқ Гуантанамо бундай миқдордаги одамни қабул қила олиш, қила олмаслиги номаълум. Ҳозиргача у ерда фақат бир неча юз киши сақланган, ва ҳарбийлар максимал 3 минг кишилик қўшимча жой ташкил этган холос.
Оқ уй расмийларининг билдиришича, бу ташаббус Трампнинг ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш ҳақидаги ваъдаси доирасида, АҚШдаги тўлиб кетган ҳибсхоналарни бўшатиш мақсадида амалга оширилмоқда.