Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилади
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятини баҳоловчи миллий рейтинг тизими жорий қилинади. Бу президентнинг 20 июнь куни эълон қилинган фармонида белгиланди.
Рейтинг қуйидаги асосий йўналишлар бўйича шакллантирилади:
• инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш самарадорлиги;
• давлат хизматларини кўрсатиш тезлиги ва сифати;
• фаолиятнинг очиқлиги;
• коррупцияга қарши кураш самарадорлиги;
• рақамлаштириш даражаси;
• ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги;
• бошқа рейтинг ва баҳолаш тизимлари бўйича кўрсаткичлар.
Рейтинг натижаларига кўра, қуйи поғонадаги идоралар фаолияти қайта кўриб чиқилади, бошқарув жараёнлари оптималлаштирилади (BPR-реинжиниринг), ҳукумат мажлисларида раҳбарлар фаолияти таҳлил қилинади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ушбу жараёнларда мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
Шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбар ва ходимлари фаолиятини баҳолаш, самарадорлик кўрсаткичларини белгилашга оид меъёрий ҳужжатлар ушбу агентлик билан мажбурий келишилади.
2026 йил 1 январдан:
• давлат хизматчиларининг лавозим маоши иш тажрибаси, малакаси, натижадорлиги ва бошқа мезонлар асосида шакллантирилади;
• давлат хизматига биринчи марта қабул қилинганлар билан 1 йиллик шартнома тузилади, ижобий натижага қараб у номуайян муддатга узайтирилади;
• хизмат сафари натижалари, географияси ва харажатлари онлайн кузатиб борилади;
• давлат хизматчилари йилига камида бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади;
• соғлом овқатланиш тарғиб қилинади, ширинликлар, ёғли ва зарарли озиқ-овқатлар савдоси чекланади.