Шавкат Мирзиёев Франциянинг фахрий легион ордени билан мукофотланди
Францияга ташриф доирасида Париж шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Франция Республикасининг олий мукофоти — фахрий легион ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мукофотни давлат раҳбарига Франция президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон президенти икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлди, — дейилади хабарда.
Мамлакат етакчиси мукофот учун Франция раҳбарига миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда сермаҳсул ҳамкорликда юқори натижаларга эришилгани, икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.