Cолиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 14,5 млрд сўм мукофот тўланди
2025 йилнинг январь—май ойларида солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 14,5 млрд сўм мукофот тўланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
«Солиқ» мобил иловасидаги «Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 45 минг 496 та мурожаат келиб тушган.
Мурожаатларнинг асосий қисмини қуйидагилар ташкил этган:
• 40 минг 903 таси — харид чекини бермаслик,
• 1 минг 559 таси — тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик,
• 113 таси — пластик карта орқали тўловда суммани сунъий ошириш,
• 2 минг 921 таси — бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар.
Шунингдек, 21 минг 510 та мурожаат такрорий бўлгани ёки мурожаат юборилган тадбиркорлик субъекти бўйича текширув ҳали якунланмагани боис кўриб чиқилмаган.
Қолган мурожаатлар асосида 18 минг 140 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,1% ҳолатда ҳуқуқбузарликлар тасдиқланган.
Натижада, аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларга жами 20 минг 358 та ҳолат бўйича (жарима суммасининг 20%) 14,5 млрд сўм миқдорида мукофот пуллари тўлаб берилган.