Полша Ўзбекистондан 300 кишини автобус ҳайдовчилигига жалб қилиши мумкин

Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонасида «Mobilis» компанияси бошқаруви раиси Лукаш Тшаска билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди.

Хабарга кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқароларини хорижда иш билан таъминлаш, ва янги меҳнат бозорларини очиш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувда Полша вакилига Миграция агентлиги фаолияти, касбга тайёрлаш бўйича мономарказлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жанубий Корея, Германия ва Россия каби давлатлар билан меҳнат миграцияси борасидаги тажрибаси ҳақида маълумот берилди.

Лукаш Тшаска Ўзбекистондаги миграция ислоҳотларини юқори баҳолади ва Полшада ҳайдовчиларга талаб ортиб бораётганини қайд этди. Шу сабабли, у Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирди.

Учрашув якунида Полша жамоат транспорти соҳаси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини уюштириш, тажриба тариқасида 300 нафар ўзбекистонлик фуқарони автобус ҳайдовчиси сифатида ишга қабул қилиш ва «Mobilis» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш юзасидан келишувларга эришилди.

Янгиликлар