Депутатлик сайловида муддатидан олдин овоз бериш саналари белгиланди
8 октябрь куни ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини ташкил қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақида Марказий сайлов комиссияси хабар бермоқда.
Мажлисда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун 16−23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Бу кунлари сайлов участкаларида овоз бериш вақти қуйидаги муддатда давом этади:
• иш кунлари соат 09:00 — 8:00 ;
• дам олиш кунлари эса соат 11:00 — 17:00.
Ўзбекистонинг давлатлараги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган давлатдаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 га қадар амалга оширилади.
Қайд этилишича, сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 11 нафар ва маҳаллий кенгашларга 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинган.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеясининг 19 нафар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Россия ва Хитойдан 2 нафардан, АҚШнинг 3 нафар ҳамда Буюк Британия, Латвия, Литва, Франция, Ҳиндистон ва Япониянинг 1 нафардан вакиллари, жами 36 нафар хорижий ва халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилди.