Шавкат Мирзиёев мудофаа соҳасини тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқ берди
Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва армияни рақамлаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда давлат раҳбарига мазкур мобил бўлинмалар фаолияти ҳамда ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш тизими юзасидан ҳисобот берилди.
Хусусан, 2025 йилда президент ташаббуси билан мазкур соҳани ривожлантириш, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга ҳарбий кадрларни тайёрлаш чоралари кўрилди. Натижада барча олий ҳарбий таълим муассасаларига институт мақоми берилиб, ягона вертикал бошқарув тизими яратилди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди.
Шу билан бирга тақдимотда армияни рақамлаштириш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу борада автоматлаштирилган бошқарув тизимларини янада ривожлантириш, роботлашган ва автоном мажмуалардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар таклиф этилди.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Рақамли технологиялар бош бошқармаси, Сунъий интеллект технологиялари департаменти ва Киберхавфсизлик лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларида узлуксиз ва барқарор алоқани таъминлаш мақсадида Сунъий йўлдош алоқа маркази фаолияти йўлга қўйилади, — дейилади хабарда.
Мудофаа соҳасида ягона рақамли сиёсатни юритиш мақсадида мудофаа вазирининг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Ҳарбий округларда эса қўмондонларнинг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тақдимот якунида давлат раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, армияни янада рақамлаштириш, қўшинларга замонавий ахборот-коммуникация тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ҳужжатларни имзолади.
Мутасаддилар олдига мудофаа соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, миллий сунъий интеллект моделларини яратиш ва малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар қўйилди.





