Андижонда Шерали Жўраев номидаги олий мусиқа ва санъат мактаби ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаларида бошқарув тизимини такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Андижон вилоятига ташрифи чоғида халқ артисти Шерали Жўраев хотирасини абадийлаштириш ташаббусини билдирди. Шунга мувофиқ, Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида ижодкор номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилиши маълум қилди.
Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг «олтин фонди» яратилади. Замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, иқтидорли ёш ижодкорлар ундан имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлади, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича ҳозирда юртимизда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ҳамда филармония таркибида 8 та профессионал оркестр фаолият олиб бораяпти. Аммо улар фақат Тошкент шаҳрида, республика даражасидаги тадбирларда иштирок этади, холос.
Шу сабабли бундай оркестрларни жойларда ҳам босқичма-босқич ташкил қилиш режалаштирилган. Жумладан, Фарғона вилоятида симфоник оркестр ва миллий чолғулар оркестри тузилади. Улар зарур мусиқа асбоблари, овоз кучайтириш ва ёритиш ускуналари, саҳна либослари ва бошқа анжомлар билан таъминланади.