Тошкент вилоятида наркосавдогарларга нисбатан суд ҳукми ўқилди
Фуқароларга нисбатан 8 йил 3 ойдан 10 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

Муқаддам судланган наркосавдогарлар озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи, 1999 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан судланган аёл 2025 йилнинг июль ойида қўшни республикага бориб, наркосавдогардан 1 кг «гашиш» моддасини 6 минг АҚШ долларига сотиб олиш ва уни мамлакат ҳудудидаги тегишли манзилга етказиб бериш бўйича келишувга эришган.
Орадан маълум бир вақт ўтиб, аёл WhatsApp мессенжери орқали гиёҳвандлик воситаси қолдириб кетилган хуфия жой манзилини олган. Сўнгра муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки таниши билан Бекобод шаҳри ҳудудидаги дала майдонига йўл олган.
Бироқ, улар наркотик моддаларни хуфия жойдан олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Экспертиза хулосасига кўра, гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 985 граммни ташкил этган.
Тергов жараёнида аёл ўзининг 1993 й.т. жиноий шериги билан биргаликда Бекобод шаҳридан ижарага хонадон олиб, у ерда гиёҳвандлик воситаларини сотиш ҳамда истеъмол қилиш учун «бангихона» ташкил этганликлари ҳам фош бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур шахслар Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 8 йил 3 ойдан 10 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.





