Сурхондарёда собиқ мансабдор 200 дан ортиқ дарахтнинг кесилишида айбдор деб топилди
Табиатга етказилган зарар 2 млрд сўмдан ошди

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанцияси дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ ишни кўриб чиқди. Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Иш материалларига кўра, собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда «М. Т. Т» МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, Термиз шаҳри «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидаги дарахтларни кўчирмоқчи бўлган.
Шу мақсадда улар ўзаро дастлаб 20 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилган. Бироқ ҳудуддаги дарахтлар вилоят Экология ҳамда Миллий гвардия бошқармалари ходимлари томонидан хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига асосан рад этилган.
Шунга қарамасдан, қурилиш ҳудудидаги 61 туп «Элдор қарағайи», 36 туп «Виргин арчаси», 101 туп «Шарқ биотаси», 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти — жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган. Натижада табиатга 2 миллиард 69 миллион 437 минг 500 сўм зарар етказилган.
Апелляция инстанциясида собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, дарахтларни кесишга рухсат бор деб ўйлагани ва қурилиш ташкилотига фақат «ёрдам бергани»ни билдирган. Бироқ суд ҳайъати иш бўйича тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда экспертиза хулосаларини атрофлича таҳлил қилиб, собиқ мансабдорни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбли деб топди, — дейилади хабарда.
Суд ҳукмига кўра, айбдорга иш ҳақининг 20% давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинадиган 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Дастлабки қамоқда сақланган муддат инобатга олиниб, ўташи лозим бўлган якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланди.





