Ўзбекистонда Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга 690 млрд сўм ажратилади
Давлат томонидан аҳоли ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланади

Президент Шавкат Мирзиёев меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби эзгу фазилатларни мужассам этган муборак Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, ушбу қутлуғ айёмда аҳолини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қилди.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юзасидан қуйидаги тоифадаги беморларнинг тиббий текширувдан ўтиш, жарроҳлик амалиёти ва даволаш харажатларини қоплаш:
• оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болаларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш;
• 2,3 минг нафар онкологик, гемотологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш;
• камида 350 нафар беморларда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш.
Шунинингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги болаларнинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини ўтказиш белгиланди:
• етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (васийлик, ҳомийлик ва патронатдаги болалар);
• меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда «SOS» болалар маҳалласи тарбияланувчилари;
• ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ота-оналарнинг фарзандлари;
• «Taskin Children’s Hospice» болалар онкологик шифохонасида даволанаётган болалар;
• 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида уларда замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш ҳамда жойлардаги қабристонларни обод қилиш.
Мазкур қарорда назарда тутилган тадбирлар давлат мақсадли жамғармалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ажратиладиган 690 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобидан «Вақф» хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда ушбу мақсадларда кўнгилли хайрия ҳашарларини ўтказиш белгиланди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонларини ёзиш ҳамда зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларини ташкил этиш топширилди.





