Шавкат Мирзиёев «Сифатли давлат бошқаруви» дастурининг тақдирлаш маросимида иштирок этди

Давлат бошқаруви сифатини оширишда янги босқич бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида «Сифатли давлат бошқаруви» дастури доирасида ўтказилган тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим» деган тамойил давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Самарали давлат бошқарувисиз ҳеч бир соҳада кутилган натижага эришиб бўлмайди. Ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида ҳис қилаётган ижобий ўзгаришлар орқали давлат фаолиятига баҳо беради. Шу боис, бошқарув идоралари одамларнинг муаммоларини ўз вақтида, адолатли ва тизимли ҳал этиши зарур, — дейилади хабарда.

Шунингдек, ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия ислоҳотлар самарасини пасайтириши, аҳолининг давлатга ишончини сусайтириши таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, давлат бошқарувида янгича ва илғор ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутмоқда. Сўнгги йилларда давлат бошқаруви соҳасида икки мамлакат ўртасидаги шериклик янги босқичга кўтарилди. Ўтган йил ноябрь ойида бюрократияни бартараф этиш ва сунъий интеллект бўйича халқаро форумлар биргаликда юқори савияда ўтказилди, давлат бошқарувида илғор тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланди.

«Сифатли давлат бошқаруви» дастури ана шу ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида баҳоланди. Президент мазкур дастур давлат идоралари фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Танлов доирасида намунали раҳбар ва мутахассис ходимлар ҳам тақдирланди. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков энг намунали раҳбар ходим, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мўминов энг намунали маъмурий ходим, «Ўзатом» агентлиги бош мутахассиси Шоҳмирзо Умаров энг намунали мутахассис ходим, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Умматой Йўлдошева энг намунали аёл ходим, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лойиҳа офиси раҳбари Акбархон Собирхонов энг намунали истеъдодли ёш ходим, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Мирсаид Рахматов инсон ресурслари бўйича энг намунали ходим сифатида ғолиб бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Олим Омонов энг намунали вазир ўринбосари, Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев энг намунали агентлик директори, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев энг намунали қўмита раиси сифатида эътироф этилди.

Давлат раҳбари эътироф этилган ходимларни лавозимини бир поғонага кўтариш ва раҳбар кадрлар захирасига киритиш таклифини билдирди. Уларнинг ўз устида доимий ишлаши, янгича фикрлаши ва меҳнат фаолиятига инновацион ёндашувларни татбиқ этиши бошқалар учун ўрнак бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Эндиликда «Сифатли давлат бошқаруви» дастури ҳар икки йилда ўтказилади. Келгуси босқичдан унда маҳаллий ҳокимликлар ҳам иштирок этади. Чунки ислоҳотлар натижаси, аввало, қуйи бўғинда, туман ва шаҳарлар даражасида сезилиши керак.

Давлат раҳбари халқ ишонадиган, инсон қадрини улуғлайдиган, одамларнинг оғирини енгил қиладиган самарали давлат тизимини яратиш бундан кейин ҳам устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади. Вазирлик ва идоралар фаолиятида «жараён учун» эмас, «натижа учун» ишлаш тамойили асосий мезонга айланиши зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон