Тошкентда 2 нафар солиқ инспектори $5 минг пора билан ушланди
Ҳозирда солиқ инспекторларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Тошкент шаҳри Юнусобод тумани солиқ инспекциясининг 2 нафар ходими томонидан содир этилган коррупциявий ҳолат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, инспекторлар ўзаро тил бириктирган ҳолда, хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорга «Чилонзор буюм бозори комплекси» АЖдан 3 та савдо дўконини ижарага олишда ёрдам беришни ваъда қилишган.
Улар ўзларининг танишлари орқали тадбиркорга тегишли МЧЖни очиқ савдо тендерида ғолиб бўлишини таъминлаш ва дўконларни ижарага олиш бўйича шартномаларни расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилишган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида солиқчилар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




