Фарғонада сохта кешбэк орқали 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинди
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Фарғона вилоятида «Soliq Mobile» иловаси орқали 3,2 млрд сўм маблағлари талон-торож қилингани аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.
Хусусан, ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар М.Х., М.Х., ва К.И. ўзаро тил бириктириб, Telegram ижтимоий тармоғида турли номдаги гуруҳлар ташкил этиб, мазкур гуруҳлар орқали 7 та МЧЖларга тегишли харид чеклари учун жисмоний шахсларга 1%ли ва ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга 12%ли «Кешбэк» суммасини онлайн тарзда сотиш билан шуғулланиб келган.
Мазкур 7 та МЧЖлар томонидан ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, гўёки 3,3 трлн сўмлик маҳсулотлар ва хизматлар харид қилинганлиги ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштириб, гўёки савдодан тушган пулларни онлайн назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотганлиги ҳақида харид чекларини чиқариб 211 584 нафар фуқарога «Soliq Mobile» иловаси орқали «Кешбек» сифатида 28,5 млрд сўм ҳисобланиб, шундан 3,2 млрд сўми тўлаб берилиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





