«Фахрийлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қайта ишлаш учун қайтарилди

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳужжат юзасидан қатор эътирозларни билдиришди, шунингдек, унинг айрим моддаларини қайта ишлаш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Фахрийлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қайта ишлаш учун қайтарди, деб хабар бермоқда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Мазкур қонун лойиҳаси билан фахрийлар мақоми, тоифалари ҳамда бу соҳада масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Лойиҳага кўра, муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган жисмоний шахсларга фахрий мақоми берилади.

Мазкур мақомни олган фуқаролар ижтимоий жиҳатдан ҳимоя, солиқ ҳамда пенсия имтиёзларидан фойдаланиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади.

Хусусан, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш, уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, шаҳар транспортида бепул юриш, ҳаво ва темир йўл чипталарида чегирмалар, давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш каби бир қатор имтиёзларга эга бўлади.

Шунингдек, фахрийларнинг соғломлаштириш муассасаларида дори воситалари билан имтиёзли таъминланиши, маданият ва кўнгилочар муассасалар (спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари) ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши белгиланмоқда.

Мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан айрим эътирозлар билдирилди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Қонун лойиҳаси масъул қўмита томонидан такомиллаштириладиган бўлди, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон