Шавкат Мирзиёев Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди
Ҳаракат барча ҳудудларни қамраб олиб, унда умумтаълим мактабларининг 1–11-синф ўқувчилари иштирок этиши мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари бугун дунё шиддат билан ўзгараётгани, рақамли технологиялар, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётганини таъкидлади.
Бундай мураккаб шароитда инсоннинг мустақил фикрлай олиши энг катта устунлик экани қайд этилди.
Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади, – деди Президент.
Маълумки, жорий йил бошида қабул қилинган қарор асосида энг фаол китобхонларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди. Куни кеча «Ёш китобхон» танловининг навбатдаги республика босқичи якунланди.
Унда мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган 42 нафар энг билимдон ва зукко ёшлар ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этди. Танловнинг уч нафар ғолиби Президент совғаси – замонавий автомобиллар билан тақдирланди.

Маросимда китобхонликни ривожлантириш бўйича халқаро тажрибага ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида 2015 йилда Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан бошланган «Араб китобхонлик танлови» дастури бугунги кунда жаҳондаги энг йирик маърифий ҳаракатлардан бирига айлангани қайд этилди.
Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги яқин дўстлик ва стратегик шериклик доирасида ушбу эзгу ғояни миллий маънавий меросимиз асосида юртимизда янги босқичга олиб чиқишга қарор қилинди.
Шу мақсадда «Миллий китобхонлик ҳаракати» дастури бошланмоқда. Давлатимиз раҳбари куни кеча ушбу дастурни давлат миқёсида фаол қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида фармойиш имзолаганини қайд этди.
Эндиликда ҳар йили мазкур тадбирнинг финал босқичи Президент даражасида ўтказилади. Дастурнинг умумий йиллик мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этади. Бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан тақдирланади. Бу юртимиз тарихида китобхонлик бўйича энг салмоқли мукофот бўлади.
Мазкур ҳаракат мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Унда умумтаълим мактабларининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилари иштирок этиши мумкин.
Мен ушбу дастурни шунчаки китоб ўқиш мусобақаси эмас, балки жонажон Ватанимиз келажаги учун стратегик инвестиция деб биламан. Агар биз бугун болаларимизнинг қўлига яхши китоб берсак, эртага улар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга албатта қодир бўладилар, – деди давлат раҳбари.
Маросимда президент барча ўқувчи-ёшлар, устозлар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликни ушбу умуммиллий ҳаракатда фаол иштирок этишга чақирди.





