Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари орасига яширилган дори воситалари аниқланди
Тиббий воситаларнинг умумий қиймати 1 млрд 323 млн сўмни ташкил этади

Хориждан республикага ноқонуний олиб келинаётган катта миқдордаги дори воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Хусусан, Қозоғистон Республикасидан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «С.Нажимов» чегара божхона постига кириб келган Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи, 1973 й.т. фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда, озиқ-овқат маҳсулотлари орасига 52 турдаги, жами 95369 донатиббиёт буюмлари ва дори воситалари яширилганлиги маълум бўлади.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ноқонуний юкларни қабул қилиб олган вақтида Тошкент туманида яшовчи, 1986 й.т. шахс ҳам ашёвий далиллар билан ушланади.
Тегишли баҳолаш ҳисоботига кўра, ушбу тиббий воситаларнинг умумий қиймати 1 млрд 323 млн сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





