Жиззахда ҳоким ўринбосари 20 минг доллар пора билан ушланди

Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими ўринбосари коррупция устида қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик бошқармаси хабар берди.

Аниқланишича, мансабдор шахс мавқеидан фойдаланиб, жорий йилнинг июнь ойида қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган МЧЖ томонидан аукцион савдолари орқали ютиб олинган 204 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтармаслик ва келгусида ушбу ердан эркин фойдаланиши учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Фуқаро, умумий хисобдан 20 минг АҚШ долларини ҳозир беришини, қолган 10 минг АҚШ долларини эса ҳосил йиғимидан сўнг бериши кераклигини айтади.

Ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда

Мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳодисалар