Эболадан тузалганларнинг миясида хавфли вирус топилди
АҚШ армиясининг юқумли касалликлар бўйича тиббий тадқиқот институти олимлари эбола вирусидан даволангандан кейин инфекция мия ва тананинг бошқа қисмларида узоқ вақт сақланиб қолиши мумкинлигини аниқлади.

Маълум қилинишича, маймунларда олиб борилган тадқиқотда уларнинг организмида вирус фаол бўлгани ва у юқумли касалликни қайта қўзғатишга қодирлиги аниқланган. Олимлар эбола вируси организмнинг қаерида бўлиши ҳақида ҳали ҳам маълумотга эга эмас. Бироқ инфекция терапиясида моноклонал антитаначалардан фойдаланилса ҳам, у организмда сақланиб қолади.
Тадқиқотчилар эбола вирусидан омон қолган маймунларнинг тахминан 20 фоизида доимий инфекция мияда сақланиб қолганини аниқлаган. Мутахассислар бу кучли яллиғланиш ва ҳужайраларнинг ўлимига олиб келиши мумкинлигини айтган. Тадқиқотдаги икки маймунда оғир клиник белгилар билан геморрагик иситманинг қайталаниши кузатилиб, бу ҳайвонларнинг ўлими билан якунланган, миядан ташқари бошқа органлар инфекциядан таъсирланмаган.
Таъкидланишича, шунга ўхшаш ҳолатлар одамларда ҳам кузатилган. Мисол учун, британиялик ҳамшира эболадан тузалиб, 9 ой ўтгач, унда менингоэнцефалит (мия яллиғланиши) пайдо бўлгани, моноклонал антитаначалар билан даволанган яна бир бемор 6 ой ўтгач, вирусни бошқа одамларга ҳам юқтириб, вафот этгани айтилган.
Олимларнинг фикрига кўра, буларнинг барчаси беморларни ҳатто геморрагик иситмадан тузалиб кетган бўлса ҳам, узоқ муддатли мониторинг қилиш зарурлигини кўрсатади.





