Непалда муссон ёмғирлари оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди
Непалда май ойининг охиридан бери давом этаётган муссон ёмғирлари оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, 151 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олди. Бу ҳақда The Hindu нашри хабар берди.
Непал ҳукумати маълумотларига кўра, ёмғирлар мавсуми бошланганидан бери мамлакатда сув тошқинлари, кўчкилар, чақмоқ уриши ва кучли шамоллар билан боғлиқ 674 та ҳодиса қайд этилган. Оқибатда бир киши бедарак йўқолган, ўнлаб уйлар зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган. Табиий офатлар натижасида етказилган иқтисодий зарар тахминан 2,5 млн АҚШ долларига тенглиги айтилган.
Непал фавқулодда хизматлари томонидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва хавфли ҳудудлардан одамларни эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда. Расмийларга кўра, кўчки ва сув тошқинларидан зарар кўрган оилалар сони 1 мингдан ошган.
Қайд этилишича, Непалда ёмғирлар мавсуми сентябрь ойигача давом этади, энг кучли ёғингарчилик эса июль ойига тўғри келади. Ҳукумат фуқаролардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўради.