Хитойлик хакерлар АҚШ ядро хавфсизлиги тизимига ҳужум қилгани маълум қилинди
Хитойлик кибержиноятчилар АҚШ Энергетика вазирлигининг Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси (NNSA) тизимига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.
Хакерлар Microsoft SharePoint дастуридаги заифликдан фойдаланиб, АҚШ ядро қуролларини ишлаб чиқариш ва демонтаж қилиш учун масъул бўлган муассасага киришга уринган.
Расмийларга кўра, ҳужум 18 июль куни содир бўлган бўлиб, махфий маълумотлар тарқалмаган ва жиддий зарар етказилмаган.
Bloomberg’нинг ёзишича, хакерлар нафақат Энергетика вазирлигига, балки АҚШ Таълим вазирлиги, Флорида даромадлар департаменти ва бошқа бир қатор давлат идораларининг тизимларига ҳам ноқонуний киришга уринган.
Microsoft хитойлик хакерларнинг SharePoint дастурий заифликларидан фойдаланиб, глобал миқёсда ташкилот сайтларига ҳужум қилганини тасдиқлаган. Компания Linen Typhoon, Violet Typhoon ва Storm-2603 каби хакерлик гуруҳлари номини очиқлаган. Компанияга кўра, заифликлар бартараф этилган, бироқ Bloomberg маълумотларига кўра, ҳужумлар АҚШнинг камида 60 та муассасасида, жумладан, энергетика ташкилотлари, консалтинг фирмалари ва университетларда қайд этилган.
Шунингдек, хакерлар ушбу усулдан Европа ва Яқин Шарқдаги ҳукумат тизимларига ҳам бостириб киришда фойдалангани айтилмоқда.