Ногиронлиги бор болалар учун махсус транспорт хизмати йўлга қўйилади

Ўзбекистонда ногиронлиги бор болалар ва ҳаракатланишда қийналаётган болалар учун ижтимоий транспорт хизмати жорий этилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бу хизмат 2025-йил 1-апрелдан бошлаб Тошкент, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида синов тариқасида ишга туширилади. Йил охиригача эса барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.  

Ушбу ташаббус доирасида қуйидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган болалар транспорт хизматидан фойдаланишлари мумкин:  

— Кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ муаммолари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар, шунингдек, улардаги “Ғамхўрлик” гуруҳлари.  

— Умумтаълим мактабларининг инклюзив синфлари.  

— Реабилитация марказларига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган боғчалар.  

Хизматдан фойдаланиш учун субсидия миқдори қуйидагича белгиланади:  

— Ҳар бир йўловчига ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баробари.  

— Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки кам таъминланган оилалар реестрига киритилган оилалардаги йўловчилар учун қатнов тўловининг 100%.  

— Бошқа оилалардаги йўловчилар учун қатнов тўловининг 60%.  

Ушбу хизмат тадбиркорлар томонидан кўрсатилади ва буюртмалар уларнинг мобил иловалари орқали қабул қилинади. Транспорт хизмати ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши махсус колл-марказ томонидан назорат қилинади.  

Шунингдек, 1-мартдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида 3−18 ёшдаги ногиронлиги бор болаларни кундузги парвариш қилиш хизмати жорий этилди. Бу хизмат дастлаб айрим ҳудудларда синов тариқасида йўлга қўйилиб, 1-октябргача барча ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган.

Қарорлар