Покистон барча ноқонуний афғон муҳожирларини депортация қилишни режалаштирмоқда

Покистон ҳукумати мамлакат ҳудудида бўлган барча ноқонуний афғон муҳожирларини мамлакатдан чиқариб юбормоқчи. Бу ҳақда Афғонистоннинг Исломободдаги элчихонаси хабар берди.

Хабарга кўра, Покистон пойтахти Исломобод ва Равалпинди шаҳарларида сўнгги пайтларда афғон фуқаролари қўлга олиниб, тинтув қилинмоқда ва бу икки шаҳардан чиқиб кетиш бўйича кўрсатма берилган.

Афғонистон фуқароларини қўлга олиш жараёни ҳеч қандай расмий хабарномаларсиз амалга оширилмоқда. Афғонистоннинг Исломободдаги элчихонаси ёзишмалар орқали ҳеч қандай расмий хабар олмаган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Афғонистон элчихонаси вакиллари ушбу хатти-ҳаракатлар «якка ҳодисалар» ёки «очиқ эълон қилиниши керак бўлган расмий сиёсатнинг бир қисми» эканлигини аниқлаш учун Покистон расмийлари билан бир неча бор учрашувлар ўтказган. 

Дипломатик ваколатхона, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий комиссари бошқармаси (UNHCR) бу жараёндан хабардор эмаслигини таъкидлади.

Жаҳон