Тошкентда шахсий маълумотларни тўплаш билан шуғулланган ноқонуний call-марказ аниқланди
Тошкент шаҳрида фуқароларнинг пластик карталардаги маблағлари ва шахсий маълумотларини ўзлаштириш билан шуғулланган ноқонуний call-марказ фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Мирзо Улуғбек туманидаги ижара уйларидан бирида фирибгарлик билан шуғулланган call-марказ фаолияти аниқланди.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу жиноий гуруҳ сохта қўнғироқлар орқали фуқароларни алдаб, уларнинг маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган. Гуруҳ таркибида икки нафар ташкилотчи ва 20 нафар оператор ишлаган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилардан 15 мингдан ортиқ фуқароларнинг абонент рақамлари ва шахсий маълумотлари, гиёҳвандлик моддалари, 35 дона уяли телефон, 10 дан ортиқ пластик карталар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 278−4-моддаси (Компьютер ахборотини модификациялаштириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчилар қамоққа олинган.