Фарзандини ноқонуний диний таълим олишга жалб этганлик учун ота-оналарга маъмурий жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Янги қонун билан болани ноқонуний диний таълимга жалб этганлиги учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,8 млн сўмдан 3,7 млн сўмгача) миқдорда жарима белгиланди.

Ушбу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган тақдирда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,7 млн сўмдан 5,6 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўз фарзандларини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

Қарорлар