Андижон ва Тошкентда 1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланганлар аниқланди
Андижон вилоятининг Андижон ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд қилинишича, Андижон туманида «К.Р.» ва «И.Ч.» МЧЖларнинг масъул шахслари «Р.» номли чойхона ҳамда ишлаб чиқариш цехида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига яширин уланган.
Оқибатда 717,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Шунингдек, Оҳангарон туманида «Т.Б.» фермер хўжалиги масъул шахслари тижорат мақсадида 2 дона сув насосини умумий фойдаланишдаги тармоққа тўғридан-тўғри улаган.
Натижада жами 309,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.