Қиймати 223 млн сўмлик олтин қуймалари ва хитой тангаларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди
Тошкент халқаро аэропортида олтин қуймалари ва хитой иероглифлари туширилган тангаларни яширинча олиб ўтаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақида Божхона қўмитаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, аэропортда хорижга учиб кетаётган фуқаронинг қўл сумкалари текширилаётганда, божхона назоратига тақдим этилмаган 187 грамм бўлган 6 дона олтин қуймаси ва 7 дона хитой иероглифлари туширилган тангалар аниқланган. Ушбу ашёлар косметика креми ичига яширилган ҳолатда фош этилди.
Шунингдек, фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилган, унинг ёнидан оғирлиги 20 грамм бўлган тилла узук ҳам топилди.
Ашёвий далил сифатида олинган буюмларнинг умумий қиймати 223 млн сўмни ташкил қи. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 млн сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 млн сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади. Шунингдек, яратилганига эллик йилдан ошган маданий бойликларни республика ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.