Навоийда ноқонуний йўл билан 15 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги олтин қазиган жиноий гуруҳ ушланди
Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланаётган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг ёзида Навбаҳор тумани «Қалқонота» МФЙ ҳудудидаги Сармишсой тоғ тизмасида жойлашган ер майдонларида жиноий гуруҳ ноқонуний олтин қазиб олишни бошлаган.
Бир неча ой давомида ноқонуний фаолият олиб борган гуруҳ сунъий сув ҳавзалари ва чиқинди майдончаларини қуриб, олтин таркибли тоғ жинсларини йиғиб келган. Шундан сўнг, 2025 йил октябрда тезкор тадбир олиб борилиб, ушбу шахсларнинг фаолият тўлиқ ошкор этилди.
Мазкур шахслар ўз фаолияти давомида таркибида 9 кг 928 грамм олтин бўлган, умумий қиймати 15 млрд 551 млн 219 минг сўмга тенг тоғ жинсларини ноқонуний ўзлаштирган, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси 3-қисми «а» банди ( фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





