Тошкент вилоятида ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент вилоятида Бўстонлиқ ва Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманлари ҳудудидан ер майдонлари олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Бўстонлиқ туманида фуқаролар А.А., Р.А. ва И.С. (муқаддам судланган) ўзаро тил бириктириб, фуқаро Х.А.га тумандаги «Хўжакент» МФЙ ҳудудидан 20 сотих ер майдони ҳужжатларини расмийлаштириб олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига 230 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Янгиҳаёт туманида фуқаро С.И. фуқаро М.О.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида «Янги Гулзор» МФЙ ҳудудидаги 18 сотих ер майдонини 200 минг доллар эвазига эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини расмийлаштириб олиб беришини айтган. У олдиндан 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тошкент