Наманган, Хоразм, Фарғонада ҳаж ва умрага ноқонуний юбормоқчи бўлганлар ушланди
ДХХ ва ИИВ томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирларда ҳаж ва умра зиёратларига ноқонуний юбориш ҳолатлари фош этилди.
Наманган вилоятида қайд этилган ҳолатда, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг ота-онасини Наманган шаҳридаги сайёҳлик фирмаларидан бири орқали жорий йилги мавсумда ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Наманган шаҳридаги туристик фирмада иш юритувчи бўлиб ишловчи, 1981 йилда туғилган шахс 2 нафар фуқарони ушбу фирма орқали ҳажга юбориш эвазига 15 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланган.
Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда, Гурлан туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган шахс Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқарони Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи, лекин тегишли лисензияга эга бўлмаган туристик фирма орқали умрага юбориш эвазига 3450 доллар олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Тошлоқ туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс умра зиёратини ташкил этишга ваколати бўлмасада, виза расмийлаштириб бериш орқали, Қўштепа туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони умра сафарига жўнатиш эвазига 2400 доллар олган вақтида ушланган.
Қува туманида қайд этилган ҳолатда, 1980 йилда туғилган шахс Telegramдаги профили орқали гўёки умра зиёратига юбориш билан шуғулланувчи фирмаси борлигини айтиб, айнан умра визаси билан 2 нафар фуқарони зиёратга жўнатиш эвазига 3100 доллар талаб қилиб, олдиндан 1800 доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.