Самарқанд нўхат шўраги географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди
Самарқанд нўхат шўрагига географик кўрсаткич мақоми берилиб, у Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
«Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, товарнинг сифати ёки машҳурлиги унинг маълум бир ҳудудга боғлиқлиги билан белгиланади. Шу асосда мазкур таом Самарқанд ҳудудига хос бўлган маҳсулот сифатида эътироф этилди.
Патентлаш жараёни Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ҳамда «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси кўмагида амалга оширилди. Расмий ҳужжат бугун вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевга вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Саттаров томонидан топширилди.