Нукус шаҳрининг бош режаси тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасида 13 декабрь куни “Нукус шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат Қорақалпоғистондаги шаҳарни комплекс ривожлантириш, қурилиш ишларини режалаштириш, уларнинг сифати ва даражасини ошириш, шаҳарнинг меъморий-режалаштириш қиёфасини ҳамда инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжат билан шаҳарнинг бош режаси лойиҳасининг асосий ечимлари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланмоқда. 2040 йилгача Нукус шаҳри Нукус тумани ҳудудига 876 гектарга кенгайиши ҳисобга олинган.

Шунингдек, бу вақтга келиб аҳоли сони 312,4 минг нафардан 400 минг кишига кўпаяди, шаҳар майдони эса 13,4 минг гектарни ташкил этади. Мактабгача таълим муассасалари сони икки баравар кўпайиб, 20,8 мингтани ташкил этади, шифохоналардаги жойлар 3,3 мингдан 9,9 мингтагача ошади.

Маиший хизмат кўрсатиш корхоналари 437 тадан 2,8 мингта иш ўринларига кўпаяди. Магистраль кўчаларнинг умумий узунлиги 278 километрни ташкил этади (ҳозирда 90 километр). Янги бош режага мувофиқ, шаҳарда иккита маъмурий марказ ташкил қилинади.

Биринчи маъмурий марказ — шаҳарнинг бугунги кундаги маъмурий маркази ҳисобланиб, Ислом Каримов, Амир Темур ва М.Жуманазаров кўчалари кесишмалари ҳисобланади. Ушбу марказ сақлаб қолинади.

Унда жойлашган Савитский музейи, Хотира майдони, меҳмонхоналар, ІТ парк, истироҳат боғи ва бошқа маъмурий ва хўжалик биноларини қуриш ва қайта таъмирлаш, эски бино ва иншоотлар ўрнига янги ва замонавий кўп қаватли бинолар жойлаштириш таклифи киритилган.

Янгиликлар